Президент Шавкат Мирзиёевнинг 4-6 ноябрь кунлари "С5+1" саммити доирасида АҚШга ташрифи чоғида ташкил этиш бўйича келишувга эришилган "Америка-Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгашини ташкил этиш тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.
Кенгаш муҳокамасига устувор равишда ишлаб чиқилиши лозим бўлган қуйидаги масалалар киритилади:
• стратегик бизнес ташаббуслари, йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишни мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;
• Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш учун махсус инвестиция жамғармасини ташкил этиш, бунда Халқаро молиявий ривожланиш корпорациясини (DFC) ва Ўзбекистон томонини лангар инвесторлар сифатида белгилаш, шунингдек, энг муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик халқаро молия институтларини жалб қилиш;
• тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш бўйича музокараларни давом эттириш;
• Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидент компанияларининг маҳсулот ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;
• мамлакат инвестиция портфелини, шу жумладан Марказий банкининг валюта захиралари ва бошқа активларининг бир қисмини диверсификация қилиш бўйича таклифлар киритиш.
Президент Администрацияси раҳбарига Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркиби, унинг регламенти ва фаолият юритиш тартибини тасдиқлаш ваколати берилди.
Ҳужжат билан 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи - Ўзбекистон президенти администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади.
Маслаҳатчи-вакил лавозимига тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш, шунингдек унинг фаолияти регламентини тасдиқлаш Президент Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади.
Маслаҳатчи-элчи Президент Администрацияси раҳбарига ҳисобдор бўлиб, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбарининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун масъулдир.
Унга Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини тўғридан-тўғри ташаббус қилиш ва муҳокама қилиш, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Кенгаш ишини ҳар томонлама мувофиқлаштириш вазифалари юклатилади.
Ташқи ишлар вазирлигига географик қамровни таъминлаш учун АҚШ ҳудудида қўшимча консулликларни очиш, шунингдек, ватандошларнинг йирик диаспоралари (Филаделфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) концентрациясини ҳисобга олган ҳолда АҚШ саноатининг асосий марказлари билан ишлаш бўйича ходимлар ва мутахассисларни жалб қилиш масаласини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан резидентларнинг АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича операциялари - резидентларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларидан хорижий корхоналарнинг устав фондларини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш), уларнинг АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш учун пул маблағларини ўтказиш чекловларсиз, резидентларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда даромадлиликни ошириш мақсадида энг даромадли ва юқори ликвидли активларга, шу жумладан АҚШдаги активларга йўналтириш учун мамлакатнинг инвестиция активлари ва валюта захиралари тузилмасини такомиллаштириш бўйича Кенгашга таклифлар киритсин.
Изоҳ