Қирғизистонда 26 ёшли йигит 18 ёшли севган қизи билан ўпишиб, касалхонага тушди. Бу ҳақда Турмуш нашри, маҳаллий шифокорлар ва Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 8 ноябрь куни Манас шаҳридан бўлган йигит билан рўй берган.
Ўпишиш пайтида у тилининг бир қисмини ва пастки лабини йўқотган. Жабрланган йигит ўзи Жалол-Абад вилоят шифохонасига мурожаат қилган. Шифокорлар қон кетишини тўхтатиб, операция ўтказишган.
"Тилнинг қонаётган пастки қисми ва йиртилган жойлар тикланди. Беморнинг ҳолати барқарор, у гаплашмоқда ва овқатланмоқда. Тахминан 30% тилидан ва 40% пастки лабидан ажралиб кетган. Бундай жароҳатлар тишлаш ёки бошқа ҳолатларда юзага келиши мумкин. Нима сабабдан ва қаерда тишлаш содир бўлганини тегишли органлар аниқлайди", — деган жарроҳ Алмаз Абдйлдаев.
Жалол-абад шаҳар ИИБ матбуот хизмати ҳодиса бўйича текширув бошлаган.
ИИБ маълумотларига кўра, йигит ва қиз ўша куни дўстларининг тўйида бирга бўлишган ва спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Қиз севгилисини тасодифан тишлаб олганини айтган. Ҳар икки томоннинг руҳий ҳолати меъёрда экани тасдиқланган. Жабрланувчи эса қизга нисбатан ҳеч қандай даъво билдирмаган. Ҳодиса юзасидан текширув давом этмоқда.
Изоҳ