Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан 300 дан ортиқ мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан пойтахт ҳудудидаги иссиқхона хўжаликлари, саноат корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводлари ва бошқа йирик ишлаб чиқарувчи ҳамда ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Назорат тадбирлари натижасида 4 869 объект ўрганилиб, улардан 595 таси иссиқхона хўжаликлари (Тошкент вилоятида — 381 та, Тошкент шаҳрида — 214 та), 2 265 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 1 998 саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналари бўлди. Барча объектларда профилактика ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланди. Хусусан, айрим хўжаликларда зарарли кимёвий, физик ва биологик таъсир кўрсатувчи моддалар ҳавога чиқарилган. Аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолати бўйича кескин чоралар кўрилди, уларнинг олдини олиш ҳамда камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган 58 иссиқхона хўжалигига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди, 106 хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, 387 ҳолат бўйича экологик талабларига мувофиқлаштириш ҳамда плёнка, автошина ва ўсимлик қолдиқларини ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан расмий огоҳлантириш хатлари юборилди.
Назорат тадбирлари тизимли давом эттирилмоқда.
Изоҳ