Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида божхона ходимлари 8 та тутиб олинган лочинни мамлакатдан ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган шахс "Оқтош" назорат-ўтказиш пунктида давлат чегарасини кесиб ўтаётганда тўхтатилди.
Ушбу шахснинг ёнидаги сумкаси белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичидан 8 бош тирик лочин қушлари борлиги аниқланди.
Ушбу фуқаро ноқонуний равишда олиб ўтишда атрофдагиларга сездирмаслик учун қушларнинг кўзи ва оёқларини боғлаб, қанотларини скотчланган, шунингдек тор ҳажмдаги сумкага зичлаб жойлаган.
Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассисларининг маълумотларига кўра, ушбу лочинлар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Ҳозирда қушлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ