Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда супер-контракт тўлиқ бекор қилингани хабарлар тарқалди. Вазирлик мазкур хабарларга изоҳ берди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Вазирликнинг қайд этишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 13-сентябрдаги 578-сонли қарори билан 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сонли қарор ўз кучини йўқотди.
393-сонли қарорга мувофиқ, аввал кириш имтиҳонларида 56,7 баллдан кам балл тўплаган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг (ўқув йилига амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробар ва ундан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорининг) 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилар эди.
Ҳозирги кунда айнан шу тартиб бекор қилинди.
Эндиликда тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
— 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
— 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;
— 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;
— 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.
Қабул чегараларига 4,05 баллдан ортиқ балл етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари олий таълим муассасалари ректорлари (директорлари) томонидан базавий тўлов-контрактнинг 3,0 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
Изоҳ