Ўзбекистон Американинг Boeing корпорацияси билан йирик битим тузди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ва АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор иштирокида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилинди.
Бир қатор ўзаро манфаатли ҳужжатлар имзоланди, улардан бири транспорт соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида бўлди. Ушбу келишувда нафақат янги авиалайнерлар харид қилиш, балки миллий авиакомпанияга хизмат кўрсатиш ва мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликда ишлаш ҳам кўзда тутилган.
Қайд этилишича, Uzbekistan Airways Boeing компанияси билан 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётлари ва 8 та шу турдаги ҳаво кемаларини опцион асосида етказиб бериш бўйича қатъий шартнома имзолаган. Битим флотни модернизация қилиш ва авиакомпаниянинг узоқ масофали қувватларини ошириш бўйича узоқ муддатли дастурнинг бир қисмидир. Ҳаво кемаларини етказиб бериш 2031 йилдан бошланади.
"Boeing 787 Dreamliner оиласи қитъалараро ташувларимизнинг асоси сифатида ўзини кўрсатди. Янги шартнома имзоланиши билан биз мамлакатимиз ва Uzbekistan Airways'нинг Марказий Осиёдаги етакчи авиаташувчи сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаймиз ва йўловчиларимизга янада кенгроқ глобал алоқани таъминлаймиз. Бу қадам бизнинг амбицияларимиз ва барқарор ривожланиш бўйича стратегик йўлимизни тасдиқлайди," - деди "Uzbekistan Airways" АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Худайқулов.
Доналд Трампнинг муносабати
АҚШ президенти Дональд Трампнинг Truth ижтимоий тармоғида таъкидлашича, ушбу шартнома қиймати 8 миллиард долларни ташкил этади. Бу АҚШда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратади. Трампнинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев бир сўзли инсон ва ҳамкорлик кўплаб йўналишларда давом этади.
Изоҳ