ДХХ ходимлари Тошкентда, шунингдек, Бухоро ва Ангренда ўз хизмат мавқеидан ғаразли мақсадларда фойдаланган мансабдор шахсларни қўлга олди.
Хусусан, пойтахтдаги "Тошкент" халқаро аэропортида ИИВ Миграция ва шахсий ҳужжатларни расмийлаштириш департаменти паспорт-виза бўлими катта инспектори қўлга олинган. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш паспортига кузатув штампини тезкорлик билан расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ доллари миқдорида пора олган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, инспектор йил бошидан ҳозирги вақтга қадар мамлакат ҳудудида бўлиб турган 42 нафар чет эл фуқаросидан чиқиш визасини расмийлаштириш учун 300-700 доллар, шунингдек, 8 нафар Ўзбекистон фуқаросидан кузатув штампини тезкорлик билан расмийлаштириш учун 200-400 доллар олган.
Бошқа бир ҳолатда эса Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими ходими бўлинма командири ўринбосари билан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланиб, Оққўрғон туманида яшовчи фуқарони Қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари олишни режалаштирган.
У 1000 АҚШ долларини олаётганда қўлга олинган.
Бухорода содир бўлган яна бир ҳолатда вилоят ИИБ ходими мансабдор шахслар билан алоқалардан фойдаланиб, Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини тугатишда 13 минг АҚШ доллари эвазига ёрдам беришни ваъда қилган.
У 13 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.
Қўлга олинганларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳ