Қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодекси ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши белгиланмоқда.
Ҳужжатга кўра, шаҳарсозлик талабларини қўпол равишда бузиш, жумладан, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш, бош режа, мастер-режа ва лойиҳа ҳужжатлари талабларига зид равишда қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун жавобгарлик кучайтирилади.
Шунингдек, қонунчиликда белгиланган параметрлардан ошиб кетган бино, иншоот ва объектларни тегишли ваколатли органни хабардор қилмасдан қуриш, реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашга нисбатан ҳам чоралар қатъийлаштирилади.
Қонун лойиҳасида шаҳарларни комплекс ривожлантириш соҳасида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг ваколатлари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳарсозлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ноқонуний қурилишлар сонини камайтириш, қурилиш бозорида ҳалол рақобатни таъминлаш ҳамда ер ресурслари ва кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ҳужжат кўп квартирали уй-жой қурилишига маблағ киритаётган фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилиш, шунингдек, урбанизация тамойиллари асосида хавфсиз ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантириш учун ҳуқуқий асос яратади.
Изоҳ