Бугун, 13 август куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида президент ишлаб чиқариш ва экспортни оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.
Мамлакатда ип-калава ва матонинг нархи асосий рақобатчилардан ўртача 10-15 фоиз юқорилигига эътибор қаратилди. Сабаби – ишлаб чиқараётган маҳсулот таркибида пахта 90 фоиз бўлса, қолганларда 30-40 фоизи полиэстер, вискоза, спандекс каби арзон синтетик матодан иборат.
Дунёда сунъий тола ва аралаш матога талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мамлакатимизда йилига 100 минг тонна аралаш ип, мато ва газлама импорт бўлмоқда.
Шу муносабат билан 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади.
Мутасаддиларга йил якунигача камида 100 минг тонналик аралаш газлама ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш топширилди.
Шунингдек, бир нечта бўёқ корхоналари бирлашиб, сув тозалаш иншоотини қурмоқчи бўлса, харажатларининг бир қисми Савдони ривожлантириш компаниясидан қоплаб берилади.
Изоҳ