Сеул марказий туман суди Жанубий Корея Республикасининг собиқ биринчи хоними Ким Гон Хини коррупцияда гумон қилиниши муносабати билан қамоққа олишга қарор чиқарди. Бу ҳақда унинг иши бўйича масъул бўлган махсус прокурор вакилларига таяниб, ТАСС ёзмоқда.
Мамлакат тарихида илк бор собиқ президентнинг турмуш ўртоғига нисбатан ҳибсга олиш ордери берилди. Унинг турмуш ўртоғи, собиқ президент Юн Сок Ёл 10 июлдан бери тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Махсус прокурор гуруҳи ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимосномада далилларни йўқ қилиш эҳтимолини асос қилиб кўрсатган. Шу билан бирга, Ким Гон Хининг адвокатлари унинг айбини инкор этган ҳолда сўроқда иштирок этганини ва соғлиги ёмонлигини таъкидлашган. Сешанба куни ордер бериш масаласи бўйича томонлар иштирокидаги тингловлар тахминан тўрт соат давом этган. Собиқ биринчи хоним суд қарори чиқишини Жанубий Сеул тергов ҳибсхонасида кутган.
Қайд этилишича, унинг турмуш ўртоғи, Жанубий Корея Республикасининг собиқ президенти Юн Сок Ёл бошқа бир тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Дастлаб прокуратура Ким Гон Хини турмуш ўртоғи сақланаётган Сеул тергов ҳибсхонасига жойлаштиришни таклиф қилган, аммо муассаса маъмурияти собиқ президентнинг турмуш ўртоғини бошқа жойга жўнатишни сўраган.
Махсус прокурор гуруҳи Ким Гон Хига нисбатан жами 16 та айбловни ўрганмоқда. Улар орасида автомобил дилери Deutsch Motors акциялари билан боғлиқ ҳийла-наёткорликда гумон қилиш, қимматбаҳо совғалар туфайли коррупцияда айблаш, депутатликка номзодларни саралаш жараёнига аралашишда гумон қилиш кабилар бор.
Юн Сок Ёл апрель ойида ҳарбий ҳолат билан боғлиқ воқеалар сабабли ҳокимиятдан четлатилган эди. Конституциявий суд ҳарбий ҳолатнинг эълон қилиниши мамлакат асосий қонунига хилоф бўлганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ким Гон Хи 2024 йил июнь ойида Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган эди.
Изоҳ