Президентнинг «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида тегишли чоралар белгилаб қўйилди.
Ҳужжат 2026–2030 йилларни қамраб олади ва атмосфера ифлосланишини камайтириш, саноатни модернизация қилиш ҳамда экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган.
Асосий устувор вазифалар қуйидагилардан иборат:
— атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10,5 фоизга қисқартириш;
— I ва II тоифадаги корхоналарни автоматик мониторинг станциялари ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш;
— саноат объектларидан чиқадиган чиқиндиларни ушлаб қолиш даражасини 32 фоизга етказиш;
— PM2.5 кўрсаткичи бўйича меъёрдан ошиш ҳолатлари кузатиладиган кунлар сонини камайтириш;
— автотранспорт воситаларидан чиқадиган чиқиндиларни 10 фоизга қисқартириш.
Шунингдек, 2027 йил 1 мартга қадар Махсус комиссия фаолияти узайтирилиб, у Энди Экологик вазиятни яхшилаш бўйича Республика комиссияси сифатида иш олиб боради.
Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади: 2026 йил якунига қадар у мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади.
Асосий қарорлардан бири — 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида янги саноат зоналарини ташкил этишга (сервис ва молиявий зоналардан ташқари) муддатсиз мораторий жорий этилишидир.
Айни пайтда корхоналарга қўйиладиган талаблар кучайтирилмоқда. Хусусан:
— 2026 йил 1 майга қадар пойтахтдаги энергетика ва саноат объектларида ягона маълумотлар базасига интеграция қилинган автоматик мониторинг тизимлари ўрнатилади;
— интеграция қилинмаган ҳолларда ўн баравар компенсация тўловлари жорий этилади;
— «яшил» технологиялар ва муқобил энергия манбаларини жорий этувчи корхоналарга халқаро сертификатлаш харажатларининг 50 фоизигача компенсация берилади;
— 2026 йил 1 июлдан бошлаб иссиқхона хўжаликларида сертификатланмаган қозонлардан фойдаланиш тақиқланади.
Бундан ташқари, банклар экологик ускуналарни жорий этиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этади.
Қурилиш соҳасида экологик талаблар
2026 йил 1 июндан бошлаб қурилиш объектлари учун мажбурий экологик нормалар жорий этилади:
— ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш;
— назорат тизимига уланган онлайн-камераларни жойлаштириш;
— лойиҳалашда мажбурий экологик хулоса олиш;
— қоидабузар компанияларнинг рейтинги пасайтирилиши.
Шунингдек, янги объектлар ҳудудининг камида 30 фоизи кўкаламзорлаштирилиши шарт этиб белгиланади.
Қўшимча равишда, тушган баргларни компост қилиш тизими жорий этилади ҳамда 2027 йилга қадар Тошкент шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган экологик мастер-режаси ишлаб чиқилади.
Транспортни экологизация қилиш
Транспорт соҳасида қуйидаги чоралар кўзда тутилган:
— 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар ойда икки марта «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади;
— 2026 йил 1 августдан автопаркни янгилаш учун trade-in дастури жорий этилади;
— нефтьни қайта ишлаш заводлари «Евро-4» ва «Евро-5» стандартларига мослаштирилади;
— Тошкентда экологик зоналар тизими ва автомобиллар учун мажбурий эко-стикерлар жорий этилади.
Чангга қарши кураш ва кўкаламзорлаштириш
Чанг юкини камайтириш мақсадида қатор ҳудудларда узунлиги камида 150 километр бўлган «яшил деворлар» барпо этилади.
Тошкент шаҳрида 2026 йил охирига қадар қуйидагилар амалга оширилиши режалаштирилган:
— тўртта сунъий кўл қуриш;
— дендрологик боғлар ташкил этиш;
— олий таълим муассасалари ва шаҳар туманларида фавворалар ўрнатиш.
Шунингдек, сунъий ёғингарчилик чақириш ва ҳаво оқимларини бошқариш технологияларини жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ