Американанинг йирик гипермаркетлар тармоғи — Costco Wholesale ўзбекистонлик экспортёрлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда АҚШга BMB HOLDING кўп тармоқли ўзбек холдинги бошқаруви раиси Беҳзод Маматқулов бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида маълум бўлди.
Делегация Costco Wholesale йирик чакана савдо тармоғининг сотув ва дистрибуция бўлими раҳбари Эд Мартин билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар давомида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, холдинг маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар бўйича келишувга эришилди. Бу маҳсулотлар қаторига чуқур қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, шунингдек, заъфарон киради. Холдинг маҳсулотларининг намунаси маркетинг мақсадларида америкалик томонга тақдим этилди.
Шунингдек, Costco Wholesale’нинг АҚШ ва бошқа давлатлардаги филиаллари билан амалий ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш бўйича мақсадли ишларни давом эттириш ва келгусида қўшимча музокаралар ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Қайд этилишича, BMB HOLDING билан илк музокаралар 2024 йилда ушбу америкалик конгломерат директорлар кенгаши аъзоси Франческо де Наталенинг Ўзбекистонга амалий ташрифи давомида бўлиб ўтган. Ўшанда холдингнинг экспортга йўналтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари Costco Wholesale тармоғида сотиш учун зарур бўлган уч босқичли сифат текширувидан муваффақиятли ўтган.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, юқори қўшилган қийматга эга ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Costco Wholesale тармоғига илк экспорти АҚШнинг йирик истеъмол бозорини босқичма-босқич эгаллашда, экспорт ҳажмларини ошириш орқали муҳим аҳамият касб этади.
Costco Wholesale — Канада, Мексика, Буюк Британия, Япония, Корея, Австралия ва дунёнинг бошқа мамлакатларида 1000 дан ортиқ филиалга эга бўлган йирик америкалик гипермаркетлар тармоғи. 2025 йил ҳолатига кўра, компаниянинг умумий даромади 275,2 миллиард АҚШ долларини, ходимлар сони эса 341 минг нафардан ортиқни ташкил этади.
Изоҳ