Фарғонада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, юкхонага 2 турдаги 2 млн 324 минг дона салют ва петардалар ортилгани аниқланди.
Шунингдек мазкур юк автотранспорт воситаси келиб тўхтаган хонадон ҳам кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам 2 турдаги 3 млн 485 минг донадан зиёд салют ва петардалар борлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатда ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган, муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган пирохтеника воситаларининг умумий миқдори 5,8 млн донадан ошиқ эканлиги айтилди.
Ҳозирда вақтинча сақловга топширилган мазкур пиротехника воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 1,3 млрд сўмни ташкил қилмоқда.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ