Жорий йилнинг январь ойида Навоийда ота 5 ойлик фарзандини йиғлагани учун оғзига пайпоқ тиқиб ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. Шу йилнинг 5 июнь куни жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судида судланувчи Ф.Н.га оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Судланувчи Ф.Н., 2026 йилнинг 9 январь куни соат 21:30 атрофида ўзининг яшаш хонадонига келиб, дам олиш мақсадида яшаш хонадонига кирган вақтида 2025 йилда туғилган вояга етмаган фарзанди Ф.А. йиғлаб, хархаша қилаётганлиги сабабли дастлаб уни овутишга уринган. Бироқ чақалоқ тинчланмасдан унинг дам олишига тўсқинлик қилганидан сўнг отасининг жаҳли чиқиб, оила аъзоларининг кўз ўнгида ўз фарзанди Ф.А.ни иккала қўлидан ушлаб, силталаб, оғзига болалар пайпоғини тиқиб, унга қасддан жисмоний азоб бериб, қийнаб қасддан жароҳат етказган.
Чақалоқнинг аҳволи ёмонлашгани сабабли бола Хатирчи туман марказий шифохонасига клиник ўлим ҳолатида олиб борилган. Вояга етмаган Ф.А. шифохонада кўрсатилган тиббий ѐрдамларга қарамасдан ҳушига келмай 2026 йил 14 январь куни соат 22:00 да вафот этган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ф.Н. ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми "в,ж" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга ушбу модда билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий тартибли колонияда ўтаттириш белгиланди.
Изоҳ