• 12 021 сўм
    -54.96
  • 13 978 сўм
    -16.82
  • 170 сўм
    0.06
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 021 сўм
    -54.96
  • 13 978 сўм
    -16.82
  • 170 сўм
    0.06
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 21:49

"Биз доим сизлар биланмиз" — президент футболчиларни жаҳон чемпионатига кузатди

Президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида иштирок этди.

64
0
uznews.uz

Маросим аввалида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари майдонда саф тортди.

Давлат раҳбари стадионда тўпланган юртдошлар, футбол мухлислари, миллий терма жамоа аъзолари, мураббийлар штаби ва спорт жамоатчилиги вакилларини катта футбол байрами билан табриклади.

Бугунги кун ўзбек футболи учун яна бир тарихий сана экани, миллий терма жамоа АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида ўтадиган жаҳон чемпионатига катта ишонч ва эзгу тилаклар билан кузатилаётгани таъкидланди.

Давлат раҳбари футболчилар мамлакатга унутилмас қувончли кунларни тақдим этганини таъкидлаб, уларга, уларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналарига, устоз ва мураббийларига, терма жамоамизнинг барча аъзоларига бутун халқ номидан чуқур миннатдорлик билдирди.

Маросимда футбол мухлисларининг миллий жамоага бўлган меҳри ва садоқати алоҳида эътироф этилди. Президент ғалаба онларида ҳам, қийин дамларда ҳам футболчилар билан бирга бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган юртдошларга раҳмат айтди.

Фан-клублар фаолияти ҳам алоҳида қайд этилди. Таъкидланганидек, улар терма жамоа ўйинларини нафақат трибунадан кузатмоқда, балки ҳар бир баҳсда ўзбекона, бетакрор услуби билан “ўн иккинчи ўйинчи” вазифасини муносиб бажариб келмоқда. Давлатимиз раҳбари улар жаҳон чемпионатида ҳам минглаб юртдошларимиз ва хориждаги ватандошларимиз билан бирга футболчиларимизни қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди.

Президент мамлакатда футбол аллақачон ҳар бир оиланинг дўстига айланганини таъкидлади. Спортчилар эришаётган ютуқлардан руҳланган фарзандлар орасидан ҳам келажакда янги чемпионлар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор, ҳар бир ҳудудда бунёд этилаётган йирик спорт иншоотлари, жойларда ташкил этилаётган профессионал футбол академиялари ва яқинда иш бошлаган Миллий футбол маркази ёшларнинг янги ютуқларга эришиши учун мустаҳкам замин бўлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, ўтган йили пойтахтимизда 100 гектардан зиёд майдонда 5 та йирик спорт мажмуасини ўз ичига олган Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилгани, Янги Тошкентда ФИФА стандартларига тўлиқ жавоб берадиган 55 минг ўринли муҳташам стадион қад ростлаётгани таъкидланди. Бу каби замонавий иншоотлар юртда нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказишга, спортчиларимизни янада улкан ғалабалар сари етаклашга хизмат қилади.

Давлат раҳбари миллий терма жамоа аъзоларига мурожаат қилиб, халқимиз уларга оқ фотиҳа бериб, катта мундиалга кузатаётганини таъкидлади. Олдинда Португалия, Колумбия ва Конго терма жамоалари билан муҳим ўйинлар кутиб тургани, футболчиларимиз катта куч-ғайрат ва ишонч билан майдонга чиқиши зарурлиги қайд этилди.

– Шуни билингки, биз доим сизлар биланмиз. Ҳақиқий ўзбекона жасорат, матонат ва иродангиз билан чиройли ва ишончли ўйин кўрсатиб, барчамизни хурсанд қиласиз деб ишонамиз, – деди Президент.

Нутқ якунида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари билан эсдалик суратига тушди.

Концерт дастури намойиш этилди. Тадбир якунида миллий терма жамоанинг назорат учрашуви бўлиб ўтди.

64
0

Изоҳ