Солиқ органлари ҳисоб-китоблар P2P-ўтказмалар - маблағларни картадан-картага ўтказиш орқали амалга ошириладиган савдо билан шуғулланувчи айрим хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини таҳлил қилишни бошлади. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, бундай операциялар орқали тушадиган даромадларнинг бир қисми солиқ ҳисоботларида акс эттирилмайди, шу сабабли давлат бюджети тегишли тушумларни тўлиқ олмайди. Шу муносабат билан ҳозирда юридик шахслар раҳбар ходимларининг банк карталарига пул маблағлари тушуми бўйича таҳлилий текширувлар ўтказилмоқда.
Солиқ ҳисоботида акс эттирилмаган даромадларнинг аниқланган ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўрилади ва солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилади.
"Ушбу жараён жазолаш ёки босим ўтказиш учун эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмани камайтириш ва қонун доирасида ҳалол ишлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Зеро, тўланган ҳар бир солиқ мамлакат тараққиётига, янги йўллар, мактаблар, шифохоналар қурилишига, аҳоли фаровонлигини оширишга қўшилган ҳиссадир," дейилади хабарда.
ДСҚ барча тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштиришга ва уларни солиқ ҳисоботларида ишончли акс эттиришга чақирди.
Изоҳ