Ижтимоий тармоқларда дунёнинг айрим мамлакатларида хантавирус инфекцияси авж олаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков Ўзбекистонда ушбу инфекция тарқалиши хавфи бор-йўқлиги ҳақида маълумот берди.
«Аввало шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда хантавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлигича қолмоқда», — деди мутахассис.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ушбу инфекция коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва мутахассислар фикрича, глобал пандемияга сабаб бўлиши эҳтимоли йўқ.
Дунёда хантавируснинг 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримларигина инсонда касаллик чақириши мумкин. Осиё ва Европа мамлакатларида у нисбатан кам учрайди, вируснинг баъзи турлари асосан Лотин Америкаси давлатлари — Аргентина, Чили ва Бразилияда кузатилади.
Хантавирус — асосан кемирувчилар орасида учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, кам ҳолларда инсонга юқиши мумкин. Инфекция организмга ушбу ҳайвонларнинг сийдиги, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган буюмлар, чанг ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали тушиши мумкин. Айрим ҳолларда узоқ вақт зарарланган муҳитда бўлиш ёки кемирувчилар билан яқин ва мунтазам алоқа қилиш юқиш хавфини оширади.
Касаллик тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушаклар ва қорин соҳасида оғриқлар билан кечиши мумкин. Оғир ҳолатларда буйрак етишмовчилиги, шунингдек юрак-қон томир ва нафас олиш тизимига таъсир қилувчи хавфли асоратлар кузатилиши мумкин.
«Афсуски, дунёда ҳозирча хантавирусга қарши махсус вакцина ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, алоҳида даволаш протоколи ҳам мавжуд эмас. Даволаш беморда кузатилаётган симптомларга қараб симптоматик тарзда олиб борилади», — деди Нурмат Атабеков.
Ўзбекистонда хантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Қўмита доимий равишда вирусологик мониторинг олиб бормоқда.
Шу билан бирга, фуқароларга бир қатор профилактик чораларга амал қилиш тавсия этилмоқда. Хусусан, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, уй ва иш жойини тоза сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз сақлаш, сабзавот ва меваларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш, тозалаш ишларидан аввал кемирувчилар излари бўлиши мумкин бўлган жойларни намлаш, шунингдек омборхона ва бошқа хоналарни мунтазам шамоллатиб туриш лозим.
Эндемик ҳудудларга бориб келган фуқароларга бу ҳақда яшаш жойидаги оилавий поликлиникага хабар бериш тавсия этилган.
Қайд этилишича, мамлакатда барқарор эпидемиологик вазиятни сақлаш ва хавфли инфекциялар кириб келишининг олдини олиш мақсадида 53 та чегара пунктида доимий назорат йўлга қўйилган.
Изоҳ