Ижтимоий тармоқларда фирибгарлар Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг суратлари ва исмидан фойдаланиб, сохта аккаунтлар очиб, фуқароларга мурожаат йўллай бошлади.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди.
"Тошкент шаҳар ҳокими номидан очилган, шахсий ёзишмалар олиб бораётган ёки турли илтимос ва таклифлар билан мурожаат қилаётган барча бундай аккаунтлар сохта бўлиб, уларга ишонмаслик ва мулоқотга киришмаслик қатъиян тавсия этилади. Уларнинг барчаси фирибгарларга тегишли ҳисобланади," - дейилади ҳокимлик хабарида.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ҳокими ёки ҳокимликка алоқадор мансабдор шахслар фуқароларга мурожаат қилиш мақсадида шахсий хабар юбормайди.
Расмий саҳифа ёки алоқа канали очилган тақдирда, бу ҳақдаги маълумотлар фақат пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг расмий ахборот каналлари орқали олдиндан эълон қилинади.
Фуқароларга шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслик, шубҳали хабарлар ва аккаунтлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш тавсия этилади.
Изоҳ