2026 йилдан Ўзбекистонда маҳаллаларни комплекс ривожлантириш ёндашуви жорий этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида маълум қилди.
Унга кўра, ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туман танлаб олиниб, барча маҳаллалардаги муаммоларни бирйўла ҳал этиш тизими яратилади. Шу билан бирга, ушбу туманларда тадбиркорлик инфратузилмаси ривожлантирилади. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 8,5 трлн сўм ажратилади.
Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал қилиш учун 500 млрд сўм ажратилмоқда. Бундан ташқари, депутатнинг яшил ҳудудлар ва яшил боғлар яратиш бўйича ҳар бир ташаббусига қўшимча равишда 330 млн сўмдан молиялаштириш кўзда тутилган.
Бундай ёндашув орқали 2030 йилга қадар шароити оғир барча туманларда, барча маҳаллаларда Янги Ўзбекистон қиёфаси шаклланиши таъкидланди.
Бундан ташқари, президент ушбу ишларни самарали ташкил этиш учун туман бюджетлари даромадларини камида 2 бараварга ошириш учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда 2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тушумларининг бир қисми Тошкент шаҳрида 5 фоиз, қолган ҳудудларда 20 фоиз миқдорида қолдирилади. Бунда кўрсатилган маблағларнинг ярми туманлар бюджетига ўтказиб берилади.
Шунингдек, прогноз кўрсаткичларидан ортиқча олинган даромадларнинг 50 фоизи, қишлоқ хўжалиги ерлари ва бозорларни ижарага беришдан тушган барча тушумлар тўлиқ туманлар бюджетига йўналтирилади.
Вилоят ва туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларини қисқартиришга, иқтисод қилинган маблағларни аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳал этишга йўналтиришга рухсат берилади.
Натижада туманлар бюджетида қўшимча 5 триллион сўм манба шакллантирилиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади.
Шунингдек, келгуси йилда илк бор маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун ҳудудларга 20 триллион сўм ажратилади.
"Бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшимча қиймат яратиши керак. Бу борада маблағлар мавҳум тарзда туманларга эмас, маҳаллалардаги аниқ лойиҳаларга йўналтирилиб, иш ўрни ва аҳоли даромади таъминланади. Бюджет маблағларидан фойдаланишда уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳавий ёндашув қўлланилади," - дея таъкидлади президент.
Изоҳ