25 декабрь куни Шавкат Мирзиёев «2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат 18 декабрь куни Сенат томонидан маъқулланган бўлиб, келаси йил 1 январдан кучга киради.
2026 йилда ЯИМ ўсиши 6,6 фоиз, 2027–2028 йилларда эса мос равишда 6,8 ва 6,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Инфляция 7 фоиз, 2027 йилда эса 5–6 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинган. Саноат ўсиш суръатлари 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалиги — 4,2 фоиз, хизматлар соҳаси — 14,5 фоиз, қурилиш эса — 10,2 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
2026 йил учун консолидцияланган бюджет даромадлари ҳажми 515,8 трлн сўм этиб белгиланмоқда. Бу ўтган йил охирида берилган дастлабки прогнозлардан (496,4 трлн сўм) юқори.
Харажатлар 567,7 трлн сўм даражасида прогноз қилинмоқда (ўтган йилги прогноз — 552 трлн сўм). Давлат қарзини қоплаш харажатлари 49 трлн сўмни ташкил этади (ўтган йил — 50 трлн сўм).
Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм (353,7 трлн), харажатлар эса 328,7 трлн сўм (343,5 трлн) этиб белгиланган. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 78,6 трлн сўм (81,75 трлн), харажатлари эса 148,3 трлн сўм (129,49 трлн) бўлиши кутилмоқда.
Солиқ тушумлари ҳажми 292,9 трлн сўм даражасида прогноз қилинган. Шундан фойда солиғидан — 59,5 трлн сўм, жисмоний шахслар даромад солиғидан — 20,7 трлн сўм, ҚҚСдан — 84,6 трлн сўм, акциз солиғидан — 16,6 трлн сўм, божхона божларидан — 12,9 трлн сўм тушиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда ташқи қарз жалб қилиш лимити 5 млрд АҚШ доллари этиб белгиланган. Унинг 2,5 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, яна 2,5 млрд доллари инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг соф энг юқори ҳажми 30 трлн сўмни ташкил этади.
Изоҳ