Акмал Шукуровнинг ҳикояси 2025 йил 16 март куни Яккасарой туманидаги "The Tower" меҳмонхонаси яқинида содир бўлган воқеадан кейин кенг резонансга сабаб бўлди. Тергов маълумотларига кўра, Шукуров ресторандан чиқиб кетаётган аёлга (К.Е.) тегажоғлик қилган. Унинг турмуш ўртоғи (А.Х.) хотинининг шаънини ҳимоя қилмоқчи бўлганида, Шукуров иккаласига ҳам, ёнида бўлган танишига ҳам зарба берган.
Можарога безориликни тўхтатишга уринган тасодифий гувоҳ Борис Авакян аралашган. Шукуров унинг юзига мушт туширган, натижада 35 ёшли эркак йиқилиб, бошидан оғир жароҳат олган.
Жабрланувчининг ёноғи ёрилган ва бош мия жароҳати билан касалхонага ётқизилган, унга 5 соатлик операция (бош суяги трепанацияси) ўтказилган, шундан сўнг у сунъий комага тушиб қолган. Шукуровнинг ўзи воқеа жойидан қочиб кетган ва кейинроқ Қозоғистонда қўлга олинган.
Тергов бу ҳолат Шукуровнинг таржимаи ҳолидаги ягона эпизод эмаслигини аниқлади:
Фирибгарлик
2022 йилда айбланувчи Германиядан учта Mercedes-Benz микроавтобусини етказиб бериш учун жабрланувчидан 291 минг евро олган, бироқ фақат битта автомобилни етказиб берган, қолган маблағни - 191,6 минг еврони шахсий мақсадларда ишлатган.
Рецидив
2024 йил ноябрь ойида ҳам у "Bootlegger" кафесида танишини калтаклаган. Аввалроқ, 2022 йилда у бир инсонни калтаклагани учун жавобгарликка тортилган, аммо ўшанда иш томонларнинг ярашуви туфайли ёпилган эди.
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 24 октябрда биринчи инстанция суди Шукуровни ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик), 277-моддаси (безорилик) ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилган.
Апелляция
2025 йил 9 декабрь куни Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияси айбланувчига нисбатан инсонпарварлик кўрсатди. Суд микроавтобус сотиб олиш эпизоди бўйича айбига қисман иқрорлик, "пушаймонлиги" судланмаганлик ва етказилган зарарни қоплашни ҳисобга олди (қариндошлари депозит ҳисоб рақамига 2,6 млрд сўм киритган).
Натижада ҳақиқий муддат озодликни чеклаш билан алмаштирилди. Шукуров тергов изоляторида ўтказган вақтини инобатга олган ҳолда 3 йил 3 ой 11 кун озодликни чеклаш жазосини ўташи қолдирилди. У тўғридан-тўғри суд залидан озод қилинди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири суд ҳукмига таяниб.
Изоҳ