Мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, рад этилди.
Қонун лойиҳаси билан таълим ташкилотида болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш мажбурияти юклатилган шахс томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш жараёнида уларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учун маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан нотариусларга болани фарзандликка олиш, васийликка ёки ҳомийликка бериш тўғрисидаги аризалар ва ушбу ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи маълумотларни "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиш мажбурияти юкланмоқда.
Белгиланишича, васий ёки ҳомий яшаш жойини ўзгартириш, шу жумладан бошқа давлатга кўчиб кетиш ниятида бўлган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати, шунингдек, васийликдаги 10 ёшга тўлган боланинг розилиги талаб этилади.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онасининг биридан ёки ҳар иккаласидан ундирилган алимент миқдорини камайтириш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази вакилининг иштирок этиши шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани васий (ҳомий) ёки тутинган ота-онанинг яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйишни бож тўлашдан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар лойиҳа юзасидан қатор эътирозлар билдиришди. Унинг айрим моддаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар беришди.
Узоқ тортишувлардан сўнг, қонун лойиҳаси қайта ишлаш учун масъул қўмитага қайтарилди.
Изоҳ