Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти археологлари томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги кўмагида олиб борилган навбатдаги археологик қазишмалар чоғида қадимги Қанқа ёдгорлигидан ноёб топилма - милодий Х-XI асрларга оид деворий суратлар топилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди.
Топилмалар қадимги Қанқа шаҳрининг шаҳристонида жойлашган катта карвонсарой ҳудудида топилган. Ушбу карвонсарой қадимий шаҳарнинг жанубий дарвозасидан тахминан 60 метр узоқликда жойлашган бўлиб, унинг умумий майдони тахминан 100×70 метрни ташкил этади. Бино ўзининг меъморий монументаллиги билан ажралиб туради.
Қазишмалар пайтида карвонсарой хоналаридан бирида деворий суратларнинг парчалари топилган. Бўлакларнинг ўлчами 25×30, 15×20 ва 30×35 сантиметр.
"Бу карвонсарой хоналари деворлари деворий суратлар билан безатилганини тасдиқлайди. Топилма араблар истилосидан кейин маълум вақт ўтиб йўқолиб кетган деворий суратлар санъати Х-XI асрларда Тошкент ҳудудида ҳам қайта тикланганидан далолат беради," - дейилади хабарда.
Археологик маълумотларга кўра, бундай деворий суратлар илгари Самарқанд ва Ахсикент ёдгорликларида ҳам топилган. Маданий мерос агентлигининг Самарқанд археология институти реставраторлари иштирокида топилган парчаларни ўрганиш шуни кўрсатадики, Тошкентда ҳам ўзига хос деворий расмлар мактаби бўлган. 2023 йилда олиб борилган қазишмалар пайтида ёдгорликда V-VII асрларга оид деворий расмлар топилган эди.
Қайд этилишича, мазкур топилма нафақат минтақа маданий ҳаёти ва санъатининг ривожланишини ўрганишда, балки Тошкент воҳасининг асрлар даври тарихига янгича қарашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳ