Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Шаҳрихон туманида бола ўғриси ушлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумот берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 31 июль куни соат 15:40 ларда “102” қисқа рақамига Шаҳрихон тумани "Чўжа-2" маҳалласида яшовчи фуқаро Ў.Ғ. томонидан яшаш хонадонига номаълум шахс кириб олганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур хабар юзасидан ҳудуд профилактика инспектори зудлик билан воқеа жойига бориб, ҳолатга ойдинлик киритганда, ушбу фуқаро Шаҳрихон тумани "Бўстон" МФЙ, Янги қадам кўчасида яшовчи, 2019 йилдан буён руҳий касалликлар (диспансер) рўйхатида турувчи, 1986 йилда туғилган, руҳий носоғлом фуқаро эканлиги маълум бўлди.
Ушбу фуқаро ҳудуд профилактика инспектори томонидан шу куннинг ўзида Андижон вилояти психоневрология диспансерига даволаниш учун жойлаштирилди.
"Ижтимоий тармоқлар орқали бола ўғриси ушлангани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар мутлақо асосга эга эмас. Шу ўринда барча ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмасликларини ҳамда расмий манбаларга таянишларини сўраймиз", - дейилади хабарда.
Изоҳ