Бугун, 5 май куни соат 06:10 да "Мустақиллик-25" конининг 202-сонли қудуғида юқори босим остида таркибида водород сулфид миқдори юқори бўлган газнинг отилиши қайд этилиб, фаввораланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилгани ҳақида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
"Водород сулфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилди. Барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.
Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб олиниб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда," - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, содир бўлган ҳодиса қўшни ҳудудлар аҳолиси учун хавф туғдирмайди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сульфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилганди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган эди.
Аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилади.