Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 23-сонли мактабнинг 10 синф ўқувчиси отасига тегишли бўлган Cobalt автомобилини бошқариб, ЙТҲ содир қилган. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ Матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида шу мактабнинг 4 синф ўқувчисини уриб юборган. Болакай шифохонада вафот этган.
“Бу хабарни эшитганимда Россия Федерациясида эдим. Сўнгра дарҳол чипта олиб, уйга келдим. Уйда мен ҳам, онаси ҳам бўлмаган. Россиядалигимда ҳам телефон орқали гаплашганимда “Машинага тегма, бу ўйин эмас”, деб огоҳлантирар эдим. Айбдорман, бу ҳолат қандай бўлганини билмай қолдим. Энди биз ўша боланинг ўлимига сабабчи бўлиб қолдик. Биринчи навбатда мени кечиришсин”,-дейди йигитнинг отаси.
Машинани яширинча бошқарган йигит бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
“Мен уйдан бесўроқ, ҳеч ким йўқлигида бу ишни содир қилдим. Миниб кетаётган пайтимда, у болани кўрдим. Бола йўлдан ўтмоқчи бўлганида, онаси ушлаб қолди. Мен ҳам бир тўхтамоқчи бўлдим-да, кейин яна газ босдим. Етиб қолган жойимда югуриб кетди, кейин уни урвордим. Ҳаммадан кечирим сўрайман”,- дейди айбланувчи йигит
Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани Тергов бўлинмаси томонидан вояга етмаган шахсга нисбатан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.