Миср Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини тўлиқ қайта тиклаш режасини ишлаб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Al-Hadath телеканали.
Маълумотларга кўра, воситачилар иккинчи босқич бўйича низолар ҳал этилгунга қадар ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга ҳам ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, телеканал суҳбатдошларининг таъкидлашича, воситачилар Исроилдан ҳарбий операцияларни қайта бошламасликни талаб қилган.
Al-Hadath манбаларига кўра, уз навбатида, Исроил, воситачилардан Фаластин анклавини тиклаш бошланишидан олдин ҲАМАСнинг қуролсизланишини таъминлашни талаб қилган.
Исроилнинг Каn телеканали хабар беришича, Исроил томонидан ҲАМАСга босим ўтказиш бўйича кейинги эҳтимолий қадамлар Ғазо секторида электр таъминотини ўчириш ва урушни қайта бошлашни назарда тутади.
Маълум қилинишича, сўнгги бир неча ҳафта ичида ишлаб чиқилган Исроилнинг "максимал босим режаси"нинг навбатдаги босқичи сектор аҳолисини Ғазонинг шимолий қисмидан жанубга қайта кўчириш, шунингдек, зарур бўлса, барча электр энергиясини ўчиришдир.
Бундан ташқари, Исроил телеканали маълумотларига кўра, урушга тўлиқ қайтиш варианти кўриб чиқилмоқда.
"Исроил якшанба куни Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатди," - деб хабар берди Исроил бош вазири идораси.
"Гаровга олинганларни алмашиш тўғрисидаги шартноманинг биринчи босқичи якунлангани ва ҲАМАС АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг Исроил рози бўлган музокараларни давом эттириш бўйича таклифларини қабул қилишдан бош тортгани сабабли, Исроил ҳукумати раҳбари Бинямин Нетаняху бугун эрталабдан бошлаб Ғазо секторига ҳар қандай товарларни етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди," - дейилади Бинямин Нетаняху идораси хабарида.
Исроил аввалроқ АҚШнинг ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш режимини мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи ва яҳудийларнинг Пасха байрами вақтида узайтириш таклифини қўллаб-қувватлаган эди.