Ғазо секторига 600 нафар фаластинлик асирлар етиб келди, дея хабар бермоқда iz.ru нашри Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Матбуот хизматига таяниб.
"Халқимиз "Исроил" босқинчилари озод қилишни кечиктирган 600 нафар қаҳрамон асирларимизни қабул қилди," - дейилади хабарда.
"ҲАМАС"нинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бажаришдан бўйин товлашларга йўл қўймаслик учун исроиллик гаровга олинганларнинг жасадларини топшириш жараёни фаластинлик асирларни озод қилиш билан бир вақтда амалга оширилган.
Al Jazeera телеканалининг аниқлашича, фаластинликлар Ғазо жанубидаги Хон-Юнис шаҳридаги шифохонага 12 та автобусда келган. "Улар оиласи бағрига қайтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтади," - дейилади хабарда.
Шунингдек, Нетаняху идораси Ғазодан гаровга олинган тўрт кишининг жасади олинганини ҳам тасдиқлади.
Ғазодаги гаровга олинган тўрт кишининг жасади "Керем Шалом" назорат-ўтказиш пункти орқали олиб ўтилиб, Қизил Хоч орқали Исроилга топширилган. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху идорасига таяниб, Ynet агентлиги хабар берди.
"Бош вазир идораси Исроил Қизил Хоч орқали ўғирланган тўрт нафар исроиллик аскарнинг тобутларини олганини маълум қилди," - дейилади агентлик материалида.
Қайд этилишича, гаровга олинганларнинг оилалари жасадлар Қизил Хочга топширилиши ҳақида хабардор қилинган. Жараён тўлиқ якунлангач, уларга расмий хабарнома юборилади. The Times of Israel нашрининг аниқлашича, ҳозирда дастлабки суд-тиббий текширув ишлари олиб борилмоқда.