“Истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини олиб киришда ноль божхона тўловлари ставкалари узайтирилди
Президент қарори билан импорт божхона божининг ноль ставкаси яна бир йилга узайтирилди.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 январга қадар импорт божхона божининг ноль ставкалари белгиланган товарларга импорт божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Буларга қуйидаги турдаги товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари киради:
— йогурт; пахта, ивиган сут ёки қаймоқ, қатиқ;
— пишлоқ ва твороглар;
— янги ёки қуритилган хурмо (финик), анжир, ананас, авокадо, гуава, манго ва мангостин ёки гарциния;
— янги олма, нок ва беҳи;
— буғдой ёки жавдардан ташқари ғалла донидан ун;
— какао таркибли шоколад ва бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 январдан 2025 йил 1 январга қадар янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлар (ТИФ ТН коди 0207) ва кунгабоқар, махсар ёки пахта мойи ва уларнинг фракцияларини Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилиши белгиланди.
Товарларнинг тўлиқ рўйхати билан президентнинг 2022 йил 31 майдаги ва 2023 йил 23 мартдаги фармонлари орқали танишиш мумкин.