2019 йилнинг 23 июнь куни Instagram ижтимоий тармоғида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова томонидан гўёки онасининг саҳифасидан, дея эътироф этилган ҳолда ичида бир қанча ёлғон далилларга эга мурожаатнома эълон қилинди. Унда халқдан кечирим сўраш баробарида Гулнора “маҳаллий активлари ҳисобидан” 1,2 миллиард доллар “аллақачон республика бюджети учун хизмат қилаётгани”ни таъкидлаган. 25 июндан бошлаб эса бир қатор ўзбек эстрадаси юлдузлари ўзларининг саҳифаларида унинг оиласи бағрига тезроқ қайтишини тилаб постлар ёза бошлади.
Энди ў-ўзидан савол туғилади: қандай 1,2 миллиард долларлик активлар ҳақида гап кетмоқда? Биринчи Президентнинг тўнғич қизи маблағларини доллар, евро ёки сўмда республика банкларида сақлаганига ишониш жуда қийин. Ахир 2017 йилда Бош прокуратура расмий сайтида эълон қилинган маълумотларда 2015 йилда 5 йиллик қамоқ жазосини олган Каримованинг барча мол-мулклари ва ҳисоб рақамлари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида эканлиги қайд этилган. Ана шу жойида Гулноранинг халққа тавбанома шаклида қилган мурожаатидаги асосий ёлғон кўзга ташланади.
Мавжуд ҳаққоний маълумотлар бўйича Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги маҳаллий активлари 50 млн долларгача боради холос. Аммо асло 1,2 млрд доллар эмас.
Яна бир жиҳат: бюджетнинг даромадлар тўғрисидаги қайси моддасига кўра бу каби киримлар амалга оширилмоқда? Шу каби моддалар ва бюджетдаги тегишли суммалар ўзи борми? Каримова озод қилинган тақдирда унинг давлат ва халқ манфаатларига зид тарзда келтирган умумий қиймати 3,7 триллион сўмлик зарари қисман бўлмаса ҳам қайтарилса, омма олдида очиқланадими?
Ҳозирда фақатгина унинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа кўплаб апелляциялари билан Швейцариянинг Ўзбекистонга қайтармоқчи бўлаётган 686 млн долларга монеълик қилаётгани, бунинг устига Ўзбекистонда амалга оширилиши даргумон бўлган “2 та оғир жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи борлиги”дан билса бўладики, Каримова хоним Ўзбекистонда қолмоқчи эмас. Бу унинг 131 ва 555 млн доллар маблағни қайтариш ҳақида гап очмасдан, аксинча, Бош прокуратуранинг собиқ ходими Шавкат Умурзоқовга айбловлар қўяётганидан тушунарли.
Яна бир ҳақли савол туғилади: Бош прокуратуранинг, 2017 йилда очиқлаган тергов маълумотлари бўйича Гулнора Каримова 12 йил давомида 51,1 миллиард сўмлик активларга эгалик қилган уюшган гуруҳни назорат қилган эди. Унинг ушбу жинояти тақдири нима бўлади?
Умуман, шоу-бизнес вакиллари ва Гулноранинг тарафдорлари истаётганидек, унинг озодликка чиқиши халққа бирор манфаат олиб келадими ўзи? Йиллар мобайнида коррупция кетидан мустаҳкам қилиб қурилган миллионлаб, миллиардлаб маблағлар “империяси”ни ўз манфаати йўлига “сафарбар қилган” хонимнинг тавбаси кетидан махсус шартлар асосида озодликка чиқиши мавжуд суд-ҳуқуқ тизимини топтамайдими?
Умуман олганда бу Каримованинг фарзандлари томонидан илгари сурилаётган биринчи ташаббус эмас. Бундан аввал ҳам 2018 йилнинг декабрида унинг ўғли кичик Ислом Каримов Инстаграм саҳифасида "Мамлакатимизнинг янги раҳбарияти ташаббусига кўра кўплаб янги лойиҳалар амалга ошириляпти ва улар Ўзбекистонга яхшироқ келажакни таъминлайдиган қудратли базани қуришга имконият беради. Шунинг учун онам молиявий ва жисмоний томондан қўлидан келганича мамлакатдаги янги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди", - деб ёзган баёнотида онаси ўз умри давомида нимаики йиққан бўлса, буни ўзи учун қилмагани, ҳамда мамлакатдаги жараёнларга "молиявий ва жисмоний" ёрдам беришга ваъда беришини маълум қилган эди. Бироқ жамоатчилик ёки расмийлар томонидан унга ҳеч бир изоҳ берилмаган ва натижада 2019 йилнинг бошларида энди Имон Каримова ўзининг саҳифасида гўёки Лондондан туриб уйидаги кузатув камералари воситасида онасини прокуратура ходимлари куч ишлатган ҳолда олиб кетишаётгани акс этган лавҳаларни сиздирган эди. Шундан билиш мумкинки, фарзандлари воситасида Гулнора Каримова бир неча марта ўзининг қанчалик қийноқ ва азобларда яшаётганини важ қилган. Энг қизиғи, ҳар гал ушбу ҳолатлардан сўнг унинг швейцариялик адвокати мижози ҳолидан ўзининг Твиттер саҳифаларида “хабар олган”.
2013 йилдан буён катта саҳналардан четда турган Гулнора Каримованинг фарзандлари ижтимоий тармоқларда илгари сураётган мурожаатномалар, таъкидлар, талаблар, таклифлар, танқид ва айбловлар қанчалик асосга эга? Миллион, миллиардлаб маблағларни халқ ва давлат манафаатларига зид тарзда ўмарган хонимнинг озодлигидан кимга фойда бор ўзи? Бизнингча, фейк аккаунтлар орқали юзага келтирилаётган тартибсиз талаблар кетма-кетлиги, бир-бирини инкор этувчи далилларнинг шубҳалилиги воқеани тўла очиқланишини тақозо этади.