Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрочиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда.
Шу жумладан, Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида давлат харидлари субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши ва шартнома бўйича мажбуриятлар талаб даражасида бажарилиши учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли нормалар киритилмоқда.
Шунингдек,
– давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонун лойиҳасида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок этишга;
– иштирокчининг ва (ёки) ушбу иштирокчининг ваколатли вакилининг яқин қариндошлари ижрочини танлаш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ёки давлат буюртмачисининг ёки у томонидан жалб қилинган ихтисослашган ташкилотнинг вакили бўлган ҳолларда иштирокчини давлат харидларида иштирок этишига чеклов белгиланмоқда.
Харид қилиш тартиб-таомилларининг барча турлари орқали давлат харидларини электрон тарзда амалга ошириш имкониятини яратиш соҳада янада очиқлик ва шаффофликга, рақобат муҳитини ривожланишига, инсон омилини қисқаришига ҳамда коррупцияни олдини олишга эришилади.
Молия вазирлиги шунингдек, қонун лойиҳасини амалга оширилиши халқаро рейтингларда мамлакатни баҳосини яхшилашга ва мамлакатнинг жаҳон миқёсида обрўсини ошириб, хорижий инвестицияларни жалб этилишига ўз таъсирини кўрсатишини таъкидлайди.
Маълумот учун, мазкур ҳужжат Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кўмагида Молия вазирлиги томонидан жалб этилган халқаро даражадаги маслаҳатчи (эксперт)лар ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассис (вакил)ларидан иборат шакллантирилган Ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган.