Тошкент шаҳрида йўналишли транспортлар ҳаракати учун янги белгилар жорий этилганди. ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 20 декабрь кунидан бошлаб, Амир Темур хиёбонидан Амир Темур Шоҳ кўчаси бўйлаб, Юнусободгача алоҳида йўлак учун йўл чизиқлари чизиш ишлари бошланди. Кўчаларга кириб чиқиш жойларида махсус "вафел" йўл чизиқлари жорий этилмоқда.
Тушунтирилишича, йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун мўлжалланган тасмаларда бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракати учун мўлжалланган тасмаси бор йўлларда ўнгга бурилмоқчи бўлган ҳайдовчилар узуқ-узуқ чизиқлар кўрсатилган жойдан алоҳида тасмага қайта тизилиб, бурилишлари мумкин.
Агарда чиқадиган ёки тушадиган йўловчилар бўлса, ҳайдовчилар йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит бермаслик шарти билан алоҳида тасмага ўтишга рухсат берилади. Бунда қатнов қисмининг четки ўнг қисмида йўловчиларни чиқариб ёки тушириб бўлгандан сўнг, ҳайдовчилар алоҳида тасмани бўшатишлари керак.
Шунингдек, кўчадан ёки бирор объектдан ҳаракатланиб чиқиб, ўнгга бурилган ҳайдовчи махсус тасмани бўшатиш чораларини кўриши лозим.
Эслатиб ўтамиз, лицензия йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган тасмада ҳаракатланиш ёки тўхтаб туришга асос бўла олмайди.
Ўнг томонга бурилмаса ҳам ҳеч қандай сабабсиз қоидаларнинг 132-бандини бузган ҳолда мазкур тасмага ўтиб ҳаракатланган ҳайдовчилар учун МЖтКнинг 128-моддасига кўра, БҲМнинг иккидан бир қисми, ажратилган тасмада сабабсиз тўхтаб турган ҳайдовчилар учун эса БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланади.