Термиз шаҳар жиноят ишлари бўйича суди одам савдосида айбланган аёлга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда UzNews.uz мухбири суд ҳукмига таяниб хабар берди.
Иш материалларига кўра, Ангор туманида яшовчи 30 ёшли аёл ажрашганидан кейин оғир моддий аҳволга тушиб қолган ва 2014 йилда туғилган ўғлини 40 миллион сўмга сотишга келишган.
Пулнинг биринчи ярми топширилаётган вақтда аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Суд муҳокамаси давомида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, жиноятга оғир моддий аҳволи, уй-жойи йўқлиги ва кўплаб қарзлари сабаб бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, боласи яхшироқ шароитда яшашига умид қилган.
Шунингдек, аниқланишича, жорий йилнинг февраль ойида у қиз фарзандли бўлган ва чақалоқни ўз ихтиёри билан фарзандсиз оилага берган.
Суд аёлни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «б» банди (Одам савдоси) бўйича айбдор деб топди. Унга умумий тартибдаги жазони ижро этиш колониясида ўташ шарти билан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, суд Ангор туманидаги «Инсон» миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги туман бўлинмаси ҳамда Ангор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш бўлимига онаси қўлга олингач қариндоши қарамоғида қолган вояга етмаган болага васийлик белгилаш масаласини ҳал қилишни топширди.
Комментарии