Президент қарорига мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган педагогларни аттестациядан ўтказиш ва миллий сертификат олиш имтиҳонларида қўшимча шароитлар яратилади.
Унга кўра, имтиҳонларда белгиланган вақт меъёрининг 50 фоизи миқдорида қўшимча вақт ажратилади. Шунингдек, имтиҳон материалларидан Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматларда фойдаланиш имконияти таъминланади.
Қарорга асосан, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида таълим олишига кўмаклашувчи замонавий ассистив (ёрдамчи) жиҳозлар билан таъминлаш тизими ҳам жорий этилади.
Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида ўқитиш ҳар бир боланинг индивидуал таълим эҳтиёжлари, функционал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиладиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синфлар ташкил этган нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларига ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Унинг миқдори Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 9,5 баравари, бошқа туман ва шаҳарларда эса БҲМнинг 8,5 бараварини ташкил этади.
Комментарии